Словакияда 3 ойлик ўқиш
ERASMUS+ ICM (KA171) ДАСТУРИ ДОИРАСИДА СЛОВАКИЯ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ УНИВЕРСИТЕТИДА 3 ОЙЛИК ТАҲСИЛ ОЛИШ УЧУН ТАНЛОВ ЭЪЛОН ҚИЛИНАДИ
“Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари” Миллий тадқиқот университети талабалари учун Erasmus+ International Credit Mobility (KA171, 2025-йилги чақириқ) дастури доирасида Словакия Қишлоқ хўжалиги университетида (Slovak University of Agriculture in Nitra, Slovakia) 3 ойлик академик мобиллик дастурида иштирок этиш учун танлов эълон қилинади.
Мазкур алмашинув дастури ТИИАМЕ Миллий тадқиқот университети ҳамда Slovak University of Agriculture in Nitra ўртасида имзоланган интер-институционал келишув асосида амалга оширилади.
Дастур ҳақида қисқача маълумот:
- Қабул квотаси: 2 нафар талаба
- Мобиллик давомийлиги: 3 ой
- Дастур тури: академик таҳсил олиш
- Қабул қилувчи ОТМ: Slovak University of Agriculture in Nitra (Словакия)
- Амалга ошириш даври: 2026/2027 ўқув йили доирасида
Молиявий таъминот:
Танловдан муваффақиятли ўтган иштирокчиларга қуйидаги Erasmus+ грант маблағлари ажратилади:
- 1188 евро / ойига
- 211 евро бир марталик йўл харажати учун
Мазкур маблағлар Нитра шаҳрига етиб боргандан сўнг ва Slovak University of Agriculture халқаро алоқалар офисида Grant Agreement имзолангандан кейин тўланади.
Кимлар ҳужжат топшириши мумкин:
- ТИҚХММИ Миллий тадқиқот университетида таҳсил олаётган талабалар
- PhD (докторантура) босқичи талабалари ҳам ушбу танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга
Саралаш мезонлари:
Номзодлар университет томонидан очиқ ва шаффоф танлов асосида қуйидаги мезонлар бўйича баҳоланади:
- ўқишдаги натижалари
- хорижий тил билиш даражаси
- мобилликда иштирок этиш мотивацияси
Номзодларни тақдим этиш муддати:
Ҳамкор университетга номзодларни расмий тақдим этишнинг охирги муддати:
- 2026-йил 31-май — 2026/2027 ўқув йили учун
- 2026-йил 31-октябр — 2026/2027 ўқув йилининг баҳорги семестри учун
- 2027-йил 31-май — 2027/2028 ўқув йили учун
Шу муносабат билан, танловда иштирок этишни истаган талабгорлар университетнинг ички саралаш жараёнида қатнашишлари лозим.
Қўшимча маълумот учун:
ТИҚХММИ Миллий тадқиқот университети
Халқаро ҳамкорлик бошқармаси